Yoshlik
sevara_nazarkhan_yorktillyer1.jpg

Шиддат билан одимлаб бораётган ҳозирги давр барча жабхада бўлгани сингари инсон ақл-заковати, тафаккури, унинг дунёқарашига ўз таъсирини ўтказибгина қолмай, унинг диди, фаҳм-фаросатини ҳам чархлайди.
Шу ўринда аждодларимизнинг кийиниш маданиятига назар солсак, либослари, зебу зийнатлари ўзига хос, ранг-баранг бўлганлигини кўрамиз. Умуман олганда, ҳар бир давр либоси ўша замон маданиятининг маълум маънодаги кўзгуси ҳисобланган. Яъни либосга қараб ҳар бир давр кишиларининг кийиниш одоби, маданияти хусусида фикр юритиш мумкин. Ўз ўрнида бирор мамлакат ёки миллатнинг кийиниш маданиятига бошқа бир халқ маданиятининг таъсири, албатта сезилади.
Кейинги пайтларда ёшларнинг кийиниш одоби ҳақида кўп гапирилаяпти. Ўз навбатида улар шаънига нисбатан эътирозли фикрлар билдирилмоқда. Албатта, бундай эътирозларда жон бор. Дарҳақиқат, охирги вақтларда ёшларнинг, нафақат ёшларнинг, балки ўрта ёш вакилларининг ҳам кийиниши мислсиз ўзгарди. Бундай вазият кишини мушоҳада қилишга ундайди. Кийинишнинг инсон руҳияти, феъл-атвори, кайфияти, тарбияси, дид-фаросати билан боғлиқ жиҳатлари сероб. Шу ўринда эътироф этиш жоизки, кийиниш, шунингдек, урф ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган.
Ёшларимизнинг кийган кийимлари, уларнинг муомаласи, юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, оғизларидан чиқаётган сўзларига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Натижада, баъзан ноўрин сўзлар, хатти-ҳаракатлар жамоатчилик орасида муайян кайфиятни уйғотади. Ҳар бир шахс оила аталмиш муқаддас даргоҳда камол топади. Унинг атрофида тергайдиган ота-онаси, буви-бобоси, амма-холаси бор. Аммо баъзан улар болам ўртоқларидан қолмасин, кўнгли ўксимасин, деб қизларига тор шим, калта юбка, қорни, елкаси очиқ кийимларни кийишга изн бераётган экан, демак, бу борада фақат ёшлардан айб ахтариш адолатдан эмас. Қолаверса, маълум маънода оиладаги, мактабдаги муҳит ҳам бунга сабаб бўлади. Айнан оиланинг ўзи ва шундай кийимларнинг кийилиши, замонавий бўлишни талаб қилиши афсусланарли ҳолатдир.
Ёшликнинг ўзи гўзал. Бугунги ёшларимизнинг ғарб модасига муккасидан кетаётгани, улар миллий кийиниш анъаналарини унутмоқдалар, деган гап эмас. Ўзбегимизнинг миллий ифтихори бўлган атласга ҳамиша эътибор катта. У бизнинг урфларимиздан ҳеч йироқлашмайди. Шу билан бирга, яқин-яқингача унутилган адрас, банорас, беқасам матолар яна урфга кирмоқда. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Замонавийлик ва миллий уйғунлик ўз аксини топган андозаларда тикилган либослар қизларимиз ҳуснига янада кўркамлик бахш этади
Абдувоҳид Буланов,
маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
— Бугун чор-атрофга боқсангиз, кийиниш маданиятига бир мунча дарз етаётгандек. Ёшларимиз, ўғил-қизларимизнинг эгнидаги кияётган кийимлари борган сари очиқ-сочиқ кўринишга эга бўлиб бормоқда. Болалигимда ҳеч қачон бирор бир қизнинг ёки оиламиздаги бирор аёлнинг яланғоч тўпиғини, уларнинг биз, болалар олдида бўйнини очиб бош ювиб ўтирганини кўрмаганман.
Ҳозирги пайтда бундай ҳолатлар одатий, эскирган, ҳеч нарсага арзимайдиган гаплар бўлиб туюлиши мумкин. Ярим-яланғочликка бугунги нигоҳлар кўникиб бормоқда. Зеро, булар кўникиладиган нарсалар эмас. Бундай ҳолатларнинг юзага келишига биз, ота-оналар ҳам беэътибор бўлмаслигимиз керак. Доно халқимиз айтганидек, бир болага етти маҳалла ота-она. Қадриятларимиз бешиги ҳисобланган маҳаллада ўсиб-унаётган ёшларимиз нима учун ўз қадриятларига ҳамоҳанг бўлиш ўрнига миллийлигимиздан узоқлашиб бормоқда, деган савол ҳаммамизни ўйга толдиради. Ҳар бир ота-она бўйнидаги бурч ўз фарзандини оқ-ювиб, оқ тараб, пухта билимли, етук ақл-идрокли этиб тарбиялашдан иборатдир. Ана шундай эзгу бурчимизни, менимча, бугунги кекса авлод чуқурроқ ҳис этса, ўз фарзандларига, улар кўча-кўйга, ишга, ўқишга чиқишларидан олдин очиқ-сочиқ кийим, ярим-яланғочлик беномусликдан дарак беришини уқтирсалар, нур устига аъло нур бўларди.
Мен хам бу отахонимизнинг гапларига кушиламан тугри ёшлар кийинмасин ёки замонави кийимларни кийишмасин демайману кийинсин факат ўзлигини йукотмаган холда кийинишса яхши буларди.

Unless otherwise stated, the content of this page is licensed under Creative Commons Attribution-ShareAlike 3.0 License